АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти 14 май, сешанба куни АҚШ Конгрессига Исроилга қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган янги қурол-яроғ пакетини етказиб бериш нияти ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда “Cumhuriyet” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, пакетга зирҳли техникалар учун 700 миллион доллар (647 миллион евро), бошқа ҳарбий техника учун яна 500 миллион доллар (462 миллион евро) ва миномётлар учун 60 миллион доллар (55 миллион евро) киритилиши мумкин. Тахминларга кўра, маъмурият аллақачон бундай етказиб беришни тасдиқлаш жараёнини бошлаган.
Ўз навбатида, CNN телеканали АҚШ Конгрессидаги аноним манбаларга таяниб хабар беришича, Оқ уй Исроилга қурол етказиб беришда янги келишувни тасдиқлаш бўйича узоқ жараённи эндигина бошламоқда. Давлат департаменти Вакиллар палатаси ва Сенатнинг тегишли қўмиталари билан музокараларни бошлаган, аммо Конгресс бўлажак келишув ҳақида расман хабардор қилиниши керак бўлган аниқ муддат йўқ.






