Адлия вазирлиги томонидан “Тартибга солиш гильотинаси” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сон қарори билан “Тартибга солиш гильотинаси” усули орқали Ҳукуматнинг 493 та қарорини ўз кучини йўқотган деб топилиши ҳақида маълумот берилди.
Бугунги кунда Қонунчилик маълумотлари миллий базаси – Lex.uz да мавжуд амалдаги қонунчилик ҳужжатларининг деярли 93 фоизини қонуности ҳужжатлари ташкил этади.
Ҳар йили қабул қилинадиган 1,5 мингга яқин қонунчилик ҳужжатларининг аксарият қисмини қонуности ҳужжатларида нормалар билан биргаликда вақтинчалик (бир марталик) ташкилий чора-тадбирлар ҳам назарда тутилади.
Миллий қонунчилик базасининг ортиқча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан холи бўлишига эришиш ва қонунчилик ҳужжатларини мақбуллаштириш натижасида тартибга солиш юкини камайтириш мақсадида мазкур Ҳукумат қарори қабул қилинган.
Шунингдек, ушбу амалиёт бир неча йиллардан буён давом этиб келмоқда, хусусан Адлия вазирлиги томонидан норма ижодкорлиги соҳасида ўз аҳамиятини йўқотган қонуности ҳужжатларини бекор қилиш доирасида “Тартибга солиш гильотинаси” усули қўлланилиб келмоқда ва ушбу йўналишда 2020 – 2023 йилларда 8 848 та қонуности ҳужжатлари бекор қилинган.
Матбуот анжуманида Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил биринчи чораги давомидаги норма ижодкорлиги фаолиятида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Маълумот ўрнида:
• мазкур давр мобайнида вазирлик томонидан 57 та
• норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган, 501 та лойиҳалар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.
• вазирликка киритилган тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш зарур бўлган 173 та лойиҳадан 52 таси баҳолашдан ўтказилмаганлиги аниқланиб, бу бўйича тегишли хулосалар берилган.
• коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилган 502 талойиҳанинг 60 тасида 101 та коррупциявий омиллар аниқланган.
• ҳисобот даври мобайнида 51 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилган ҳамда 14 та техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар давлат ҳисобига олинган.
Соҳа вакиллари журналистларнинг бир қанча саволларига жавоб берди. Darakchi.uz ҳам қуйидаги савол билан мурожаат қилди:
— Ҳужжатларни камайтиришдан асосий мақсад нима?
— Бу тартибга солиш юкини камайтиради. Инсоннинг елкасидаги юки қанча кам бўлса, тезроқ ҳаракат қилади. Қонунчиликда ҳам шундай, қайси ҳужжат кераклигини биз тезда ишлаб топишимиз учун енгилроқ норма керак бўлади. Шу нуқтаи назардан бизга енгиллик яратиш имконини беради.






