Бугун, 23 май куни муборак ҳаж сафарини ният қилган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳи муқаддас замин томон йўлга чиқишди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар қилди.
Бўлғуси ҳожиларни кузатиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқжон Тошбоев, шунингдек, таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида бўлишди.
Муборак сафар олди Муфтий ҳазратлари Аллоҳ таолонинг байти сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон Ҳаж амалларини бажариб, юртимизга соғ-саломат қайтиб келишларини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Шундай қилиб, орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж – 2024” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.
Эслатиб ўтамиз, зиёратчилар шу йилнинг 23 майидан то 7 июнга қадар ҳаж сафарига кузатилади.
Мамлакатимизнинг 10 та ҳудудий аэропортидан зиёратчиларимиз тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига ҳаж сафарига ҳар куни юборилади.
Барча парвозлар "Uzbekistan Airways" АЖ авиакомпанияси томонидан амалга оширилади.






