Тошкент метрополитени июнь ойи охиригача Россиянинг "Метровагонмаш" компаниясидан 12 та янги вагонни қабул қилиши керак. Бу ҳақда Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв маълум қилди.
- Бугун Президентимиз билан бирга Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Ҳудудлар Кенгаши йиғилишида иштирок этдим. Савдо, фан, технология, машинасозлик, ядро тиббиёти – биз Ўзбекистон билан узоқ вақтдан бери турли соҳаларда муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, - дейди Андрей Воробёв.
Губернатор қўшимча қилишича, "Метровагонмаш" ўтган йили Тошкент метрополитени учун 44 та вагон жўнатган, июнь ойи охиригача яна 12 та вагон жўнатишни режалаштирмоқда. 2024-2025 йилларда яна 60 та вагон етказиб бериш бўйича шартнома тайёрланяпти.






