АсосийJinoyat

Қашқадарёда боласини калтаклаган она 5 йилга қамалди

'Қашқадарёда боласини калтаклаган она 5 йилга қамалди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда бир аёлнинг боласини аёвсиз калтаклаётгани тасвирланган видеолавҳалар тарқалди. 

Маълум бўлишича, воқеа Қашқадарё вилоятида бўлган. Аёл эри алимент тўламай келаётгани учун боласини аёвсиз калтаклаганини айтган.

“Ўзимни тутолмай қолдим. Отанг топган пулини ичиб, юради, сен ҳам шунга ўхшаяпсанми деб, жаҳл устида уриб ташладим”,— деган аёл.

Бола 2 ёшда. У калтаклар таъсирида тан жароҳати олган. Она эса фарзандини ўз вақтида шифокорга ҳам кўрсатмаган. Боладаги жароҳатларни эса кўчада тўсатдан бошқа аёллар кўриб қолган ва уларнинг саъй-ҳаракати билан “она”нинг қилмишлари фош бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида муҳокама этилган мазкур иш юзасидан ўтказилган суд мажлисида аёлнинг муқаддам оғир жиноят содир этгани ва вояга етмаган фарзандлари борлиги учун жазо кечиктирилганлиги ойдинлашган. Бироқ аёл шу вақтгача бундан тегишли хулоса чиқармаган.

Суд ҳукмига кўра, аёлга Жиноят Кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари билан 3 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят Кодекси 60–61-моддалари тартибида Жиноят ишлари бўйича туман судининг 2023 йил 16 октябрь тартиби билан ўталмаган 4 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини қисман қўшиш йўли билан, узил-кесил 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар