АсосийJamiyat

Тошкент ва Қўқон шаҳарларида “Ҳаж” зиёратига юбориш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди

'Тошкент ва Қўқон шаҳарларида “Ҳаж” зиёратига юбориш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди'ning rasmi

Ҳар йили дунёнинг кўплаб давлатларидан мусулмонлар “Ҳаж” амалларини адо этиш учун Саудия Арабистонига боришади.

Ўз навбатида Саудия Подшоҳлиги томонидан зиёратчиларга барча шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилади.

Таъкидлаш лозимки, “Ҳаж” тадбири Саудия ҳукумати белгилаган тартиб-қоидалар асосида ташкил этилади.

Лекин, шунга қарамай турли хил сайёҳлик фирмалари томонидан, ўрнатилган меъёр ва қоидаларни четлаб ўтган ҳолда юборилган фуқаролар Саудияга кира олмай ортга қайтишади ёки кирган тақдирда ҳам мамлакатдан чиқариб юборилади.

Фирибгарлар алдовига учиб, шундай ҳолатларга бизнинг фуқароларимиз ҳам тушиб қолмасликлари учун Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда мунтазам равишда тезкор тадбирлар ўтказилади. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида яшовчи, 1983 й.т. шахс Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи фуқарони ишончига кириб,танишлари ёрдамида, унга Саудия Арабистонига “Ҳаж” сафарига бориши учун зарур бўладиган виза ҳужжатларини тайёрлаб бериш ва зиёратга юбориш эвазига 8,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар ушланди.

Бошқа ҳолатда эса пойтахтимизда фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси ходими Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқарони сохта ҳужжатлар орқали “Ҳаж” зиёратига юбориш эвазига 5,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Яна бир сайёҳлик фирмаси бошқарувчиси ва унинг ходими ҳам Яшнобод туманида яшовчи фуқаронинг ишончини суиистеъмол қилиб, жорий “Ҳаж-2024” мавсумида Саудия подшоҳлигига муборак сафарга юбориш эвазига 8,5 минг АҚШ доллари талаб қилишиб, 4 минг АҚШ доллари олган вақтларида қўлга олинди.

Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмасининг иш бошқарувчиси 2 нафар фуқарони ҳаж амалларини бажаришлари учун Саудия Арабистонига юбориш эвазига 12 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Қўқон шаҳрида кузатилган яна бир ҳолатда, бошқа сайёҳлик фирмаси ходими маҳаллий фуқарони ҳожи мақомига эга бўлиши учун “Ҳаж” зиёратига юбориш эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 3 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

    Бошқа янгиликлар