Республика бўйлаб табиий газ ва электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар қилди.
Департаментнинг Пастдарғом туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тумандаги “У." фермер хўжалиги масъул шахслари тижорат мақсадида чорвачилик учун мўлжалланган биносида газ ҳисоблагич ускунасидан табиий газ тармоғига ер остидан полиэтилен шланг орқали яширин уланиб, жами 181,3 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Оқолтин туман бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “F.H.” МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар “Шодлик” ҚФЙ ҳудуди жойлашган балиқчилик кўлига ўрнатилган сув насоси ва 11 дона кўча чироқлари уланган трансформаторнинг ҳисоблаш приборига қасддан шикаст етказишиб, жами 113,3 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Департаментнинг Қўрғонтепа туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, “А.Ф.” фермер хўжалиги раҳбари Р.А. ва бошқалар Жалақудуқ тумани “Гулбаҳор” массивида жойлашган 7,8 гектар мевали боғ майдонига ўрнатилган сув насосини ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 100 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






