У ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича 34 та ҳолатнинг ҳар бири тўрт йилгача — жами 136 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Якуний жазони судя Хуан Мерчан 11 июл куни бўлиб ўтадиган махсус суд мажлисида белгилайди, деб хабар бермоқда zamon.uz.
Айблов хулосасида Трампнинг адвокат Майкл Коэнга қилган тўловлари ҳақида сўз боради. Пул ўтказмалари юридик хизматлар учун тўловлар сифатида белгиланган эди, лекин улар аслида Коэннинг 2006 йилда Трамп билан учрашиб юрган Сторми Дэниэлсга тўловларини қоплаган. Дэниэлсга тўловлар Трампнинг 2016 йилги сайлов кaмпаниясига таҳдид солмаслиги учун амалга оширилган. Суд жараёнида айбланувчининг 20 нафар гувоҳи орасида Коэн ва Даниэлс, шунингдек, Тrump Organization ҳисобчилари ва Республикачилар партияси вакили Ҳоуп Ҳикс ҳам бор эди.
Трамп суд залини тарк этгач, бу жараённи "сиёсийлаштирилган", ўтказмаларни амалга оширилишини "оддий бухгалтерлик хатоси" деб атади. Ҳукм эълон қилинганидан кўп ўтмай, Трампнинг адвокати Тодд Бланш ҳакамлар ҳайъати қарори устидан шикоят қилишини айтди.
"Ҳакамлар ҳайъатининг ҳукми ниҳоясига етмаган жараён. Биз курашни давом эттирамиз, охиригача курашамиз ва ғалаба қозонамиз, чунки мамлакатимиз дўзахга айланди", — деди собиқ президент журналистларга.
Нью-Йорк иши Трампга қарши очилган тўртта ишнинг биринчисидир. Бошқа айбловлар бўйича судлар ноябрдаги президентлик сайловидан кейин бошланмаслиги ҳам мумкин.
Суд жараёни қандай якунланишидан қатъи назар, Дональд Трамп президентликка номзодини қўйиши мумкин. АҚШ Конституциясида давлат раҳбари лавозимига номзод учун фақат учта талаб мавжуд: у камида 35 ёшда бўлиши, АҚШда туғилган ва у ерда камида 14 йил яшаган бўлиши керак. Трамп июл ойида бўлиб ўтадиган Республикачилар партияси қурултойида президентликка номзод сифатида расман тасдиқланиши кутилмоқда.






