АсосийJamiyat

Миллий кино санъати саройида болалар учун бепул фильмлар намойиш этилади

'Миллий кино санъати саройида болалар учун бепул фильмлар намойиш этилади'ning rasmi

Кинематография агентлиги ташаббуси билан болалар учун 10 дан ортиқ фильмларнинг бепул намойиши ўтказилмоқда

Бугун, 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Кинематография агентлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида "Янги Ўзбекистоннинг бахтли болалари" шиори остида тадбир ўтказилмоқда.

Республика бўйлаб ёш томошабинлар учун Кинематография агентлиги буюртмасига биноан яратилган 10 дан ортиқ филмларнинг бепул намойишлари ташкил этилди. Жумладан, “Буюк ипак йўли бўйлаб саёҳат” туркуми остида яратилган “Тўмарис” миллий анимацион филми, «Парининг совғаси», «Қуёш таъми» эртак филмларининг катта премераси бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган ёш томошабинлар аудиторияси учун “Автосаргузаштлар” мулцериали, “Сеҳрли ҳасса”, “Амир Темур”, “Дино ва Завр”, “Хасис баққол” каби мултфилмларнинг ҳам намойиши ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, кун давомида Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида болалар учун шоу-консерт дастурлари, турли мултфилм қаҳрамонлари иштирокида ўйинлар, қизиқарли савол-жавоблар ўтказилди. Шу билан бирга, болажонларни хурсанд қилиш мақсадида кино сарой ёзги ҳовлисида турли аттрационларнинг бир кунлик фаолияти йўлга қўйилди.

Киносаройга ташриф буюрган болалар ва уларнинг ота-оналари анимацион филмлар тақдимоти, шу билан бирга кун давомида уларга ҳамроҳ бўлган мултфилм қаҳрамонларидан мамнун эканликларини таъкидлаб, хурсандчиликлари билан ўртоқлашишди.

Бугун асосий премераси ташкил этилган “Тўмарис” миллий анимацион филми, "Парининг совғаси", "Қуёш таъми" эртак фильмлари 1-2 июнь кунлари барча давлат ва нодавлат телеканалларида ҳам намойиш қилинади.

    Бошқа янгиликлар