Аввалроқ, Таиландга 60 кунгача визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сони амалдаги 57 тадан 93 тага кўпайгани, 36 та янги давлатлар қаторига Ўзбекистон ҳам киритилгани хабар қилинган эди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ахрор Бурхонов бу маълумот бўйича изоҳ берди.
“Ушбу масала бўйича мамлакатимизнинг Бангкокдаги бош консулхонаси Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Таиланд ТИВ Консуллик департаменти маълумотига кўра, виза режимининг узайтирилиши тўғрисида ҳозирча расман ҳеч қандай маълумот эълон қилингани йўқ”, — дейди Ахрор Бурхонов.
Таиланд ТИВ минтақавий бошқармаси маълумотига кўра, виза тартибини соддалаштириш бўйича ҳукумат қарори мавжуд ва бу бўйича Консуллик департаменти томонидан Таиланднинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига тегишли йўриқнома юборилади ва ТИВ сайтида расмий маълумот чоп этилади.
“Шунингдек, бир томонлама жорий этилаётган виза режимини соддалаштириш тартиби маълум муддатдан сўнг бекор қилиниши мумкин. Ўзбекистон ТИВ Таиланд томонидан расмий нота олиниши билан қўшимча хабар берамиз”, — деди ташқи ишлар вазири матбуот котиби.






