АсосийJamiyat

Кемеровода трамвайлар тўқнашиши натижасида бир киши ҳалок бўлди (видео)

'Кемеровода трамвайлар тўқнашиши натижасида бир киши ҳалок бўлди (видео)'ning rasmi

Кемеровода 6 июнь, пайшанба куни эрталаб икки трамвайнинг тўқнашуви натижасида, 100 дан ортиқ киши жабрланган. Бу ҳақда "РИО Новости" манбаларга таяниб хабар бермоқда.

 Улардан бири касалхонада вафот этди, деди шаҳар мэри Дмитрий Анисимов. Жабрланганлар орасида етти нафар бола ҳам бор, деди Кузбасс соғлиқни сақлаш вазири Дмитрий Беглов.

Айни пайтда,  "икки киши реанимацияга, бири операция хонасига юборилган". "Улардан (касалхонага ётқизилганлар) уч нафари оғир аҳволда, шифокорлар уларнинг ҳаёти учун курашмоқда", - дейилади хабарда.

ТАСС агентлиги хабар беришича, трамвайларнинг тўқнашуви маҳаллий вақт билан тахминан соат 7:30да (Тошкент вақти билан 5:30) Логовая шоссесида Том дарёси устидаги икки кўприкдан бири – Кузнецкий кўприги бошида содир бўлган. Хабарда айтилишича, иккинчи кўприк капитал таъмирлаш ишлари туфайли қисман ёпилган. Трамвайлар қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб, "Набережная" бекати яқинида тўқнашиб кетган. 

Қайд этилишича, воқеа содир бўлганидан кейин Россия Федерацияси Тергов қўмитаси (ТҚ) хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматларни кўрсатиш бўйича жиноий иш қўзғатди. 

Иккита трамвай - иккита модел

Кемероводаги ҳалокатга учраган трамвайлар Россиянинг 71-619КТ ва Беларуснинг БКМ 60102 русумли моделларига тегишли. "Эълон қилинган видеоларга кўра, айнан БКМ бурилишдан олдин тезликни жуда оширган, ундан кейин бир неча киши учиб чиқиб кетган. Сўнг у 71-619КТ трамвайига келиб урилган", - дея таъкидлайди муаллифлар. 

Ҳодиса сабабларининг расмий версияси хабар эълон қилинган вақтда ошкор этилмаган.

Шунингдек, Кемерово трамвай корхонаси ходимларидан бири томонидан ёзиб олинган ва Telegram’даги "Инцидент Кузбасс" ёпиқ ҳамжамиятида эълон қилинган аудиоёзувдан иқтибос келтиради. Унда айтилишича, муаллиф трамвай ҳайдовчисининг "биринчи гуруҳ тормози ишламай қолгани учун" ариққа қараб ҳаракатланганини кўрган, аммо барибир уни маршрутга жўнатишган. 

Кейинчалик Кемерово электртранспорт компанияси матбуот хизмати бу маълумотни рад этди, дейилади постда. "Трамвай линияга яхши ҳолатда чиқарилди, линияда битта рейсни ҳам бажарди. 2021 йилда ишлаб чиқарилган трамвай. Рулда 2023 йил октябр ойидан бери ишлаб келаётган ҳайдовчи бўлган. Иш давомида у ўзини фақат ижобий ва масъулиятли томондан кўрсатган", - дея ТАСС агентлиги компания вакилининг сўзларидан иқтибос келтиради. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Трамвайни 23 ёшли Александра М бошқарган. Канал маълумотларига кўра, у ҳозир оғир аҳволда реанимацияда. "Унинг трамвайи 2 июн куни тўлиқ техник хизмат кўрсатишдан ўтказилди. Машинанинг ўзи яхши ҳолатда эди, унинг китобида ҳеч қандай шикоят йўқ. Бугунги куннинг биринчи рейси одатий режимда ўтган. Иккинчисида эса трамвай қияликдан тушишда қаттиқ тезлашиб кетган, ҳайдовчи уни тўхтата олмаган", - дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар