Жорий йилнинг 13 июнь куни Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ва Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети (ТХВУ) ректори Комилжон Каримов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашувда илғор билим ва малакага эга мутахассисларни тайёрлашда икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Солиқ хизмати ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш учун ТХВУнинг салоҳиятидан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Конструктив мулоқот натижасида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича келишувларга эришилди.
Учрашув якунлари бўйича Солиқ қўмитаси ва Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Иккала томон ҳам узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.
Маълумот учун: Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети Лондондаги Вестминстер университети билан ҳамкорликда 2002 йил 16 январда ташкил этилган. ТХВУ Марказий Осиёдаги Буюк Британия малакалари бўйича ғарбий услубда таълим берадиган биринчи халқаро университет ҳисобланади.