Тошкент шаҳридаги “Япон боғи” ҳудудидаги дарахтларни паспортлаштириш ишлари бажарилмоқда. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, рақамлаштириш жараёнида жами 582 туп мевали ва манзарали дарахтнинг паспорт маълумотлари шакллантирилиб, унда дарахтнинг экилган санаси, тури, геолокацияси, айланаси, баландлиги ва тасвири кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш даражасини янада ошириш ва “Яшил Макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳридаги дарахтларни паспортлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда.






