АсосийJamiyat

Ноанъанавий экин турлари истеъмол бозорига киритилмоқда

'Ноанъанавий экин турлари истеъмол бозорига киритилмоқда'ning rasmi

АОКАда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Анвар Ҳақбердиев иштирокида ўтказилган брифингда Ўзбекистон бозорига кириб келган ноаъанавий экин турлари хусусида маълумот берилди.

Қайд этилишича, инсон ўсимликлар дунёсининг 350 мингга яқин турини ўз ичига олувчи бойликнинг атиги юздан бир қисмидан фойдаланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти ФАО экспертларининг прогнозларига кўра, Ер шари аҳолиси сони 2050 йилга бориб 10 миллиардга етади. Бу эса ҳозирги пайтдаги истеъмол даражаси сақланиб қолинадиган бўлса, озиқ-овқат ресурсларини ишлаб чиқаришни камида 50 фоизга оширишни талаб қилади. 

Аҳоли сонининг ортиши билан сифатли овқатланиш муаммоси янада долзарб бўлиб бормоқда. Бу муаммони ечишда нафақат юқори ҳосилдорликка, озуқавий қийматга эга бўлган, балки алоҳида биокимёвий таркибга ҳам эга бўлган, витаминлар, аминокислоталар, минерал тузлар, углеводлар ва бошқа қимматли моддаларнинг жуда муҳим манбаи бўлган сабзавотлар катта роль ўйнайди. 

Мамлакатимизда амалга оширилган ва давом эттирилаётган илмий изланишлар натижасида бир нечта ноанъанавий сабзавот экинлари интродукция қилинди, маҳсулот ва уруғ етиштириш технологияси ишлаб чиқилган. Соҳа бўйича етакчи ҳисобланган Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтида Ноанъанавий экинлар селекцияси ва интродукцияси лабораторияси фаолияти йўлга қўйилган. 

Лаборатория республикада етиштиришга мос, қимматли хўжалик белгилари ва ҳосилдорлиги юқори, касалликларга чидамли навларни яратиш ва интродукция қилиш мақсадида турли мамлакатлардан келтирилган ноанъанавий экинларнинг нав намуналарини олиш, чуқур таҳлилдан ўтказиш ва уларни тадқиқотлар учун ажратиб олиш ишларини амалга оширади. Шу билан бирга, ноанъанавий экинларнинг нав намуналари комплекс баҳоланиб, морфологик белгиларининг тўлиқ таснифини яратиш ва селекция ишларини давом эттириш учун бошланғич манба ажратиш каби тадқиқот вазифаларини бажаради. 

Ноанъанавий экинлар селекцияси ва интродукцияси лабораторияси ноанъанавий сабзавотларнинг нав намуналарини комплекс баҳолаб, морфологик белгиларининг тўлиқ таснифи яратилгандан сўнг бошланғич манбалар тўғри сақланишини таъминлаш ва келажакда илмий ишларни олиб бориш учун институт генбанкининг намуналарни қабул қилиш талаблари бўйича топшириш ва намуналарнинг паспортини яратиш билан шуғулланади. 

Ҳозирги вақтда лабораторияда 30 дан ортиқ янги экин турининг морфологик белгилари ва биологик хусусиятларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. 

Хусусан, барг карам (Brassica oleracea var. аcephala), пастернак (Pastinaca sativa L.), цикорий салати (Cichorium intybus L. ва Cichorium intybus L. var. foliosum Hegi), зира (Cuminum Cyminum L.), артишок, майоран, мелисса, катовник сингари экинларнинг нав намуналарини ўрганиш, интродукция қилиш, селекция учун бошланғич манба ажратиш ва турли экиш муддатлари ва схемаларининг мева ҳосилига ҳамда уруғ чиқимига таъсирини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари йўлга қўйилган. 

Мутахассиснинг сўзларига кўра, брокколи ноанъанавий, кам тарқалган сабзавот экин турига киради. Брокколи карами бошқа карамларга нисбатан тез ҳазм бўлиши билан ажралиб туради. У енгил ўзлаштириладиган оқсилга бой бўлиб, миқдорига кўра картошка, ширин жўхори ҳамда исмалоқдан устун туради. Ундаги оқсил таркибида антисклеритик модда ва метионин бўлиши организмда холестерин кўпайиб кетишига тўсқинлик қилади. 

Дунё бўйича 78 та ботаник оилага тегишли 1200 дан ортиқ турдаги ўсимликдан сабзавот сифатида фойдаланилади. Сабзавот экинлари экиладиган майдонларининг ҳажми бўйича Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги юқори даражада ривожланган мамлакатлар билан рақобатлаша олади. Бироқ, мамлакатимизда сабзавот ассортименти чегараланган, яъни, сабзавот маҳсулотларининг 88 фоизи атиги олти, хусусан, помидор, пиёз, сабзи, карам, бодринг ва кўкат сабзавот экинлари билан таъминланади. 

Ўзбекистонда сўнгги йилларда спаржа ўсимлиги ҳам иқлимлаштирилди. Ушбу ўсимлик АҚШ, Европа, Осиё, Россия, Марказий Америка ва Кичик Осиё мамлакатларида кенг тарқалган. Бундан ташқари мангольд, котовник, майоран ва рукула каби ноанъанавий экин турлари ҳам интродукция қилиниб, истеъмол бозорига киритилган. 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар