1

Ўзбекистонда тест синовларида иштирок этишга рухсат берилган абитуриентлар сони маълум қилинди

ЖАМИЯТ 05.07.2024, 15:26
Ўзбекистонда тест синовларида иштирок этишга рухсат берилган абитуриентлар сони маълум қилинди

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиш талабларини тўлиқ бажарган 805 688 нафар абитуриентга тест синовларида иштирок этишга рухсат берилди. Бу ҳақда Билимни баҳолаш агентлиги хабар берди.

2024/2025-ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича тест синовларида иштирок этиш учун 894 279 нафар абитуриент рўйхатдан ўтганди. Уларнинг 410 415 нафарини (46 фоизи) жорий йил битирувчилари, 483 865 нафарини (54 фоизи) эса аввалги йилларда битирган абитуриентлар ташкил этди.

Рўйхатдан ўтиш талабларини тўлиқ бажарган 805 688 нафар абитуриентга тест синовларида иштирок этишга рухсат берилди. 2023 йилда бу кўрсаткич 948 486 нафарни ташкил этган.

Тест синовларида иштирок этиши белгиланган абитуриентларнинг 422 399 нафарини хотин-қизлар (52,4 фоиз), 383 288 нафарини эркаклар (47,6 фоиз), ташкил этади.

Жорий йилда 489 118 нафар абитуриент тест синовида иштирок этиш учун белгиланган тўловдан озод этилган.

Доимий яшаш ҳудуди бўйича энг кўп

  • Самарқанд вилоятида 95 979 нафар,
  • Қашқадарё вилоятида 92 636 нафар,
  • Фарғона вилоятида 79 808 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.

Абитуриентларнинг 46 244 нафари алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига, 12 851 нафари олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган.

Рўйхатдан ўтишда 22 632 нафар абитуриент чет тилидан халқаро сертификат юклаган бўлиб, улардан 20 063 тасининг ҳақиқийлиги тасдиқланди, 2 569 та сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмади. Бундан ташқари 30 637 нафар чет тилидан, 20 684 нафар умумтаълим фанларидан миллий сертификатга эга абитуриент рўйхатдан ўтган.

Маълум қилинишича, бу йилги тест синовларини сифатли ташкил этиш ва ўтказиш учун бинолар оптималлаштирилиб, ҳозирда 73 та ёпиқ турдаги катта сиғимли бино тест синовларига тайёрланмоқда. Уларда бир сменада 1 176 та гуруҳда, 35 280 нафар, бир кунда эса 70 560 нафар абитуриент тест синовида иштирок этиши ва тест синовларини 12 кун давомида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтказиш мақсадида кенг жамоатчилик орасидан очиқ танлов ўтказиш орқали 2 690 нафар гуруҳ назоратчи танлаб олинди. Бундан ташқари гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган абитуриентларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 139 нафар сурдотаржимон жалб этилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1