Қашқадарё вилояти Ғузор туманида аёл эрига "цефтраксион" укол қилиб, ўлдириб қўйди.
Маълум қилинишича, тиббий маълумотга эга бўлмаган аёл 13 йилдан бери оила аъзоларига шифокор билан маслаҳатлашмасдан укол қилиб келган. Воқеа содир бўлган куни аёл эри шамоллагани учун унга дорихонадан "цефтраксион" олиб келиб, ҳеч қандай синовсиз дорини юборган. Шундан сўнг, дори унга реакция берган ва аёл эрига "Deksametazon" дорисини юборган. Оқибатда эркак вафот этган.
Эркакнинг ота-онаси судда ўғли "цефтраксион"дан вафот этмагани, келини унга бошқа номаълум дори юборганини айтган. Экспертиза хулосаси ва дорихона сотувчисининг кўрсатмасига кўра, уларнинг "келини марҳумга бошқа дори воситаси юборганлиги" ҳақидаги важлари рад этилган.
Аёл Жиноят кодекси 102-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.