АсосийЖамият

Ўзбекистондаги доимий аҳоли сони маълум қилинди

Аҳолининг қарийб 18 миллион 696 минг нафари эркаклар, 18 миллион 437 минг нафари аёлларни ташкил этмоқда.

'Ўзбекистондаги доимий аҳоли сони маълум қилинди'ning rasmi

2024 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 37 миллион 134 минг кишини ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, аҳолининг қарийб 18 миллион 696 минг нафари эркаклар, 18 миллион 437 минг нафари аёллар ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатнинг шаҳар аҳолиси сони 18,9 миллион кишини, қишлоқлардаги аҳолиси 18,2 миллион кишини ташкил этади.

Агентлик маълумотига кўра, республика аҳолисининг ўртача ёши 28,5 ёш бўлган. Таққослаш учун, 2014 йилда аҳоли ўртача ёши 27,3 ёш эди.

Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқаролар умумий аҳоли сонининг 56,4 фоизига тенг. Шу билан бирга, меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар 32 фоиз, меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар 11,6 фоиз.

Доимий аҳоли сонининг энг кўп улуши Самарқанд вилоятида қайд этилган –4 миллион 249 минг нафар. Бу бутун Ўзбекистон аҳолисининг 11,4 фоизи дегани. Шунингдек, Фарғона (4,1 миллион киши), Қашқадарёда (3,6 миллион киши), Андижон (3,4 миллион киши) ва Наманган (3,1 миллион киши) вилоятларида нисбатан кўп аҳоли истимоқмат қилади.

Доимий аҳолиси сонининг улуши энг кам ҳудуд Сирдарё вилояти бўлиб, у ерда 922,1 минг киши яшамоқда. Навоий (1,1 миллион киши), Жиззах (1,5 миллион киши), Хоразм (2 миллион киши) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (2 миллион киши) нисбатан кам аҳоли истиқомат қилади.

    Бошқа янгиликлар