Асака шаҳрида 28 ёшли аёл онлайн қиморда қарз бўлиб, ўзини ўлдиргани аниқланди. Бу ҳақда "Марказий студия" дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, аёл ўзини ўлдириши ҳақидаги ҳабарни қариндошига юборган.
"Сени айтганингни қилмай 3 миллион пулни тикдим, танишимдан олиб яна тикдим. Яна мени 11 миллион қарзга тушириб қўйишди. Бу пулни қайтаришга бунча маблағим йўқ. Ана энди охирги чорам бу дунёдан ўтиш. Мени кечиринглар", — деб ёзиб қолдирган аёл.
Аниқланишича, аёлнинг уйида ҳеч қандай оилавий муаммолар бўлмаган.
"Иш билан кетяпман деб мен билан гаплашиб чиқиб кетди. Уйда хеч қандай келишмовчилик ҳам бўлмаганди. Шу телефонидаги нарсага чуқурлашиб кетганми билмайман. Лекин уни ёмонламайман чунки 7 йил хизматимни қилган келиним. Қандай бу нарсага кириб қолган биз ҳам билмай қолдик", — деб айтган аёлнинг қайнонаси.
Аёл тумандаги шифохонада ҳамшира бўлиб ишлаган. Мазкур ҳолат юзасидан Асака тумани прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.