26 ноябрга ўтар кечаси Олмаотанинг Бўстонлиқ туманидаги хусусий уйда кучли ёнғин содир бўлган. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотига кўра, воқеа жойидан беш кишининг жасади топилган. Улар орасида вояга етмаган бола ҳам бор.
Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиев Kun.uz’га маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг икки нафари Ўзбекистон фуқаролари — 1994 йилда туғилган И.Д.Т. ва Е.Ш.К.
Маҳаллий нашрлар хабар беришича, ёнғин саккизта хонадан иборат, умумий йўлаги бўлган уйда содир бўлган. Хоналар алоҳида оилаларга ижарага берилган. Уйда яшаган тўққиз киши омон қолган ва вақтинча яшаш марказларига жойлаштирилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда уйни аланга қамраб олгани акс этган. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар ёнғинни бир соат давомида ўчирган.
Ҳозирча ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби маълум қилинмаган. Ҳолат юзасидан Олмаота ИИВ томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон ТИВ маълумотига кўра, вазият Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консулхонаси назоратига олинган. Маҳаллий идоралар билан алоқа ўрнатилиб, ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадларини Ватанга юбориш чоралари кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида қурилиши тугалланмаган ресторанда ёнғин содир бўлгани хабар қилинганди. Унда шу ерда ишлаган икки ўзбекистонлик ҳалок бўлган, яна бир киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.






