Эроннинг Исроилга ҳужуми душанба куниёқ амалга ошиши мумкин. Бу ҳақда “Ахios” нашри хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” раҳбарлари “Ҳизбуллоҳ”нинг олий ҳарбий қўмондони Фуад Шукр ва ҲАМАС сиёсий етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши учун қасос олишга ваъда беришган.
Эрон ва Фаластин ҳаракати бу ҳаракатлар учун жавобгарликни Исроил зиммасига юклашган, бироқ Исроил ҳукумати қотилликларга алоқадорлигини тан ҳам олмаган, инкор ҳам этмаган.
Ўз навбатида, АҚШ Эроннинг Исроилга эҳтимолли ҳужуми доирасида ўзининг Яқин Шарқдаги кучлари сонини оширишда давом этмоқда, минтақага янада кўпроқ ҳарбий кемалар ва қирувчи самолётларни жўнатмоқда.
Шу билан бирга, америкалик расмийлар Эроннинг жавоб ҳаракатлари 13 апрель куни Исроилга қилинган ракета ва дронлар ҳужуми сценарийси бўйича амалга оширилишини кутмоқдалар. Бироқ бу сафарги ҳужум кенгроқ миқёсда ва “Ҳизбуллоҳ” иштирокида амалга оширилиши мумкин.