Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пайариқ тумани марказий шифохонасида ёнғин чиққани айтилган видеолавҳалар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ маълумот берди.
Хабар берилишича, 5 август куни соат 14:00 да Пайариқ тумани “Гўзал” МФЙда жойлашган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам биносининг ёнида Isuzu юк автомобилида ёнғин содир бўлгани тўғрисида туман ФВБга хабар берилган.
Воқеа жойига 3 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 14:05 да етиб бориб, ёнғин соат 14:30 да ўчирилган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ҳозирда терговга қадар текшириш ишлари олиб борилиб, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва зарари аниқланмоқда.