Ўзбекистонда бир ойлик ҳарбий хизмат тўлови меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб белгиланади. Кузда мазкур миқдор оширилиши ҳисобига тўлов нархи ҳам ошади.
Жорий йил 1 октябрдан Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори оширилиб, 1 миллион 155 минг сўм этиб белгиланди.
Сафарбарлик чақирув резерви тўлов бадали бевосита меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 баробарига тенг. Яъни 1 октябрдан бир ойлик ҳарбий хизмат учун тўлов миқдори ҳозирги 7 миллион 350 минг сўмдан 8 миллион 85 минг сўмга оширилади.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, сафарбарлик чақирув резерви сафига олинган шахслар томонидан пул бадаллари хизматга олингандан кейин томонларнинг келишуви асосида, 1 йил мобайнида бирйўла ёки босқичма-босқич (бўлиб тўлаш орқали) амалга оширилиши мумкин.