Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида "Андижон" клуби футболчиси ва Миллий гвардия ходимлари ўртасида можаро юзага келгани акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси муносабат билдирди.
Жорий йилнинг 11 август куни Чилонзор туманида жойлашган "Бунёдкор" стадионида "Бунёдкор" - "Андижон" жамоалари ўртасида футбол учрашуви бўлиб ўтди.
"Андижон" клуби аъзоси Mарлен Чобанов стадионнинг VIP бўлимида ўйинни томоша қилган. Учрашув якунланганидан сўнг, соат 22:05 да футболчи VIP бўлими орқали ичкарига киришга уринган. Махсус рухсатномага (бейджик) эга бўлмаган футболчидан Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси унинг қаерга кетаётганлигини, чиқиш учун бошқа йўлакдан фойдаланиши зарурлигини айтган.
Аммо футболчи Марлен Чобанов ҳарбий хизматчининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, хизмат фаолиятига қаршилик кўрсатиб, унинг юз қисмига қўли билан бир маротаба уриб, унга тан жароҳати етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.