АсосийЖамият

Рақобат қўмитаси яна иккита компанияга нисбатан иш қўзғатди

Orient Group Management ва UzOman компаниялари энди жарима тўлаши мумкин.

'Рақобат қўмитаси яна иккита компанияга нисбатан иш қўзғатди'ning rasmi

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Orient Group Management ва UzOman компанияларига нисбатан молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилди.

Маълум қилинишича, “Рақобат тўғрисида”ги қонунга кўра, иқтисодий концентрация ҳисобланган битим (ҳаракат) томонларининг бири активларининг баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушуми БҲМнинг 250 минг баравари миқдоридан ортиқ ёхуд уларнинг активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми БҲМнинг 500 минг баравари миқдоридан ортиқ бўлган шахслар ёки шахслар гуруҳи Ўзбекистонда рўйхатга олинган масъулияти чекланган жамиятнинг улушларининг учдан бир қисмидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиши белгиланган.

Шунга қарамасдан, Orient Group Management МЧЖ томонидан 16 май куни Highway Logistics Center МЧЖнинг устав фондини кўпайтириш орқали унинг 45 фоиз улушига эгалик қила бошлагани маълум бўлган, бунда монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олинмаган.

Ҳолат юзасидан қўмитанинг махсус комиссияси томонидан Orient Group Management МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди. Махсус комиссиянинг ушбу қарори устидан Orient Group Management МЧЖ судга даъво ариза билан мурожаат қилган.

Бундан ташқари, “Ўзбек-Уммон инвестиция компанияси” (UzOman) МЧЖ ҚК томонидан 23 июль куни монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олинмасдан айнан яна Highway Logistics Center МЧЖнинг устав фондидан 45 фоиз улуш олингани аниқланган.

Натижада, ушбу ҳолатда ҳам қўмитанинг махсус комиссияси томонидан “Ўзбек-Уммон инвестиция компанияси”га нисбатан иш қўзғатилиб, молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.

Бошқа янгиликлар