Тошкентда унитазни тузатиш учун келган сантехник уйдаги қизга шилқимлик қилгани учун 5 суткага қамалди. darakchi.uz ҳолат юзасидан ўтказилган суд иши ҳужжатлари билан танишиб чиқди.
Маълум қилинишича, С.Б. (қиз бола) жорий йилнинг 9 август куни Юнусобод тумани ИИО ФМБга мурожаат қилиб, электрик А.Ж. унга шаҳвоний шилқимлик қилиб, кўкрагига тегиниб, тегажоғлик қилганини, айтган. Қиз унга қаршилик кўрсатиб, тегманг, нима қиляпсиз, деганида эркак унинг танаси ёқишини айтган, шу сабабли унга чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, А.Ж.га маъмурий баённома расмийлаштирилган. Мазкур суд иши ЖИБ Юнунособод тумани судида кўриб чиқилган.
Суд мажлисида А.Ж. фуқаро Т.Д. нинг илтимосига кўра бориб, сантехника ишларини бажарганлигини, уйда унинг невараси С.Б. бўлганлигини, унинг бир ўзи унитазни тузатишга қийналганлигини ва ундан ёрдам сўраганини, шундан сўнг у билан қўл силкишиб хайрлашганини маълум қилган. Судда у аёлга нисбатан ҳеч қандай шилқимлик қилмаганини баён қилиб, унга нисбатан енгиллик берилишини сўраган.
Суд ҳукмига кўра, А.Ж. МЖтКнйнг 41-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.