АсосийСиёсат

“Сизларни қўллаб-қувватлашга, янада қулай шароитлар яратиб беришга мен доим тайёрман”

Президент тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда илғор бизнес вакилларига миннатдорчилик билдирди.

'“Сизларни қўллаб-қувватлашга, янада қулай шароитлар яратиб беришга мен доим тайёрман”'ning rasmi

Шавкат Мирзиёев 20 август куни Нукусдаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда уларни қўллаб-қувватлашга, янада қулай шароитлар яратиб беришга доим тайёрлигини айтди.

Ушбу учрашувда иштирок этиш учун Қорақалпоғистонда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 300 га яқин тадбиркор ва инвесторлар тўпланди. Шунингдек, мулоқотда хорижда бизнесини йўлга қўйган яна 40 дан ортиқ ватандошлар иштирок этмоқда. Ҳудудий студиялардан 3 мингга яқин бизнес вакиллари қатнашмоқда.

Яқинда илғор бизнес вакилларидан 37 нафари орден ва медаллар билан, 104 нафари “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланганди. Фурсатдан фойдаланиб, давлат раҳбари уларни чин дилдан табриклаб, фидокорона меҳнати учун ўз номидан, бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдирди.

“Сизлар янгилик яратишдан, ташаббус кўрсатишдан чарчаманглар. Сизларни қўллаб-қувватлашга, янада қулай шароитлар яратиб беришга мен доим тайёрман!”, деди президент.

Президент бугунги таҳликали ва мураккаб замонга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиб бораётгани, дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар етакчилари буни эътироф этаётганини қайд этди.

Яқинда Халқаро валюта жамғармаси мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошганини тасдиқлади. 

Шундай маррага эришишда илғор технологиялар асосида замонавий корхоналар очаётган, юз минглаб янги иш ўринларини яратаётган ва дунё бозорларига жадал кириб бораётган азм-у шижоатли тадбиркорларнинг ҳиссаси беқиёс экани эътироф этилди.

    Бошқа янгиликлар