Россия қуролли кучлари Украинанинг Донецк вилоятига тегишли Нью-Йорк аҳоли пунктини эгаллади.
Россия мудофаа вазирлигига кўра, "Центр" қўшини бўлинмаларининг фаол ҳаракатлари натижасида Украина ҳарбий бўлинмалари мағлубиятга учраган ва Торецк агломерациясидаги стратегик аҳамиятга эга Нью-Йорк аҳоли пункти назоратга олинган.
Ҳудуд руслар томонидан эгалланганини тасдиқловчи бошқа манба йўқ. Гап шундаки, Украина мудофаа вазирлигига яқин ахборот каналлари 20 август куни тунда Донецк вилоятида Нью-Йорк аҳоли пункти учун оғир жанглар кетаётганини хабар қилган эди.
"Украинская правда" нашри эса аҳоли пунктининг 20 фоиз ҳудуди Украина назоратида экани, рус ҳарбийлари Нью-Йоркнинг бир қисмини эгаллаб, Нелиповка ҳудуди томон ҳаракатланганини ёзган.
Донецк вилояти Бахмут туманида жойлашган Нью-Йорк аҳоли пунктида урушга қадар 11 минг аҳоли истиқомат қилган. Россия армияси ушбу ҳудудни эгаллаш учун ёз ойларидан бошлаб ҳаракатга киришган эди.
Нью-Йорк аҳоли пунктига Россия императрицаси Екатерина II томонидан Шарқий Украинага таклиф этилган меннонитлар жамоаси асос солган. 1951-2021 йилларда ҳудуд Новгородское деб аталган.
Россия Украинанинг Донецк вилояти бўйлаб илгарилаётган бўлса-да, ўз ҳудудига кириб борган украин ҳарбий бўлинмаларини ҳали ҳам чиқариб юбора олганича йўқ.