Фарғонадаги хонадонларга иссиқлик таъминоти бўйича 4 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик асоссиз ҳисоблангани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, қўмитанинг ҳудудий бошқармаси Фарғона вилояти "Иссиқлик манбаи" ишлаб чиқариш давлат бошқармаси билан маиший истеъмолчиларга етказиб берилган иссиқлик энергияси ҳамда кўрсатилган хизматлар бўйича ўрганиш олиб борган.
Ўрганишларда иситиш мавсуми давомида кўп қаватли уйларга иссиқлик таъминотини етказиб берувчи марказий тармоқларнинг иситиш қозонхоналарида авария ҳолатлари (таъминот узилиши) содир бўлган вақтларда ҳамда табиий газ босими пастлиги ва бошқа асосли сабабларда аҳоли хонадонларига етарли даражада иссиқлик таъминоти етказиб берилмагани маълум бўлган.
Таъминотчи корхона билан тузилган шартномаларнинг тегишли бандларига асосан қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилганда 6146 нафар истеъмолчининг хонадонларига 4 млрд 173 млн сўмдан ортиқ нореал дебитор қарздорликлар ҳисобланган.
Шу тариқа таъминотчи корхона томонидан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган қарздорликлар бекор қилинган.
Маълумот учун, "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга кўра, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.