АсосийЖамият

3 та вазирликнинг 107 нафар бошқарув ходими тадбиркорлик субъектларида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ҳолатларига чек қўйилмоқда

'3 та вазирликнинг 107 нафар бошқарув ходими тадбиркорлик субъектларида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди'ning rasmi

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан вазирлик ва идоралар, давлат муассасалари ва ташкилотлар ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари юзасидан ўрганишлар ўтказиб келинмоқда. Бу ҳақда Агентлик матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Маданият вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда, уларда фаолият юритаётган 107 нафар бошқарув ходим 116 та тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди.

 Жумладан, Транспорт вазирлигининг 50 та бошқарув ходимлари 55 та тадбиркорлик субъектларида, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 37 та бошқарув ходимлари 39 та тадбиркорлик субъектларида ҳамда Маданият вазирлигининг 20 та бошқарув ходимлари 22 та тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келган. 

 Юқоридаги ҳолатларини бартараф этиш бўйича мазкур вазирликларга Агентлик томонидан киритилган тақдимномалар ушбу вазирликлар томонидан танқидий муҳокама қилинди ва тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари берилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари бартараф этилмоқда.

Эслатма:Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасига асосан давлат органлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ўрнатилган.

Агарда сиз коррупцияга дуч келсангиз Агентликнинг “Cалл-маркази” – 1253 ёки eanticor.uz  электрон платформаси орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз.

    Бошқа янгиликлар