Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашув ўтказмоқда. Бу ҳақида Президент матбуот котиби хабар бермоқда.
“Сиз, азиз спортчилар Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган 17-ёзги Паралимпия ўйинларида рекорд натижаларга эришиб, мамлакатимизга мана шундай байрам руҳини олиб келдингиз.
Барчангизни оламшумул ютуқ ва натижаларингиз билан ўз номимдан, эл-юртимиз номидан чин юракдан самимий табриклайман”, - деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.
Ушбу халқаро спорт анжуманида дунёнинг 168 та давлатидан 4 минг 400 га яқин энг кучли ва маҳоратли спортчилар иштирок этгани унинг нуфузи ва миқёси нақадар улкан эканидан далолат беради.
“Шу маънода, Паралимпия ўйинлари – бу чинакам ирода, жасорат ва матонат, эзгулик ва гуманизм намойиши, десак, тўғри бўлади.
Сиз, азму шижоатли фарзандларимиз ғоят кескин беллашувларда юксак марраларни эгаллаб, мусобақаларнинг ҳақиқий қаҳрамонларига айландингиз”, - деди Президент.
Ўзбекистон жамоаси 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллагани таъкидланди.
Паралимпия ўйинларида бундай рекорд натижа илгари ҳеч қачон бўлмагани қайд этилди.
“Бу – сизларнинг тинимсиз меҳнатингиз, букилмас иродангиз, истеъдод ва маҳоратингиз самарасидир. Бу – юртимизда инсон қадрини амалда таъминлашга қаратилган тизимли ишларимиз натижасидир.
Ўз Ватанини жону дили билан севадиган, метин иродали, юрагида ўти бор инсонларгина шундай улуғ ишларга қодир бўлади.
Халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади. Катта раҳмат сизларга!”, - деди давлатимиз раҳбари.
Токио Паралимпия ўйинларидан сўнг кейинги сафар албатта кучли “ўн бешталикка” кирамиз, деб эзгу ният қилинган эди.
Ўтган йиллар давомида шу мақсад йўлида тинимсиз меҳнат қилинди. Спортчиларимиз учун барча зарур шароитлар яратилиб, юксак марралар учун пухта замин тайёрланди.
Натижада Ўзбекистон бу йилги Паралимпия ўйинларида биринчи марта энг кўп таркиб билан, яъни 9 та спорт тури бўйича 65 нафар спортчи билан иштирок этди.
Айниқса, пара велоспорт бўйича вакилларимиз ушбу мусобақаларда илк бор қатнашганини алоҳида эътироф этиш лозим.