2024 йил 17 сентябр куни соат 03:15 ларда Сариосиё тумани, “Шабнам” МФЙ ҳудудидан ўтувчи М41 автомобил йўлининг 1463 километрида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.
Вилоят ЙҲХБ Ахборот хизматининг хабар беришича, 2004 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фуқаро “Нексия-2” ни “Денов-Сариосиё” йўналиши бўйлаб бошқариб келиб қарама-қарши йўлакдан ҳаракатланиб келаётган 2005 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳайдовчи бошқарувидаги “ВАЗ-2107” билан тўқнашиб ЙТҲ содир этган.
Ҳодиса жойидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, "ВАЗ-2107" салонида бўлган 3 нафар йўловчи (ҳайдовчининг синфдошлари) вафот этиб, иккала автотранспорт воситасидаги қолган йўловчилар тан жароҳати олиб туман Тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Сариосиё туман ИИБ Тергов гуруҳи томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.