АсосийЖамият

Тошкент метросидан фойдаланувчилар сони 1 кунда 1 млнга етиши кутилмоқда

Йўналишлар ва бекатлар сони ортиб боргани сари метрога бўлган талаб ҳам янада ортиб бормоқда.

'Тошкент метросидан фойдаланувчилар сони 1 кунда 1 млнга етиши кутилмоқда'ning rasmi

Транспорт инсонлар оғрини енгил қилувчи зарур воситалардан биридир. Жумладан, бир манзилдан бошқа бир манзилга осон ва хавфсиз етиб боришимизни кафолатловчи жамоат транспортларига, хусусан, метрога кун сайин талаб ортиб бормоқда.

Қайд этиш лозим, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда метрополитен тизимини ривожлантириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, дастлабки 40 йил мобайнида метро бекатлари сони 29 тани ташкил этиб, умумий узунлиги 38 км бўлган. Сўнгги 6 йил давомида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари туфайли эса умумий узунлиги 33 кмни ташкил этувчи  21 та янги бекатлар қуриб, фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида метрополитен йўналишларининг умумий узунлиги 71 км, бекатлари сони эса  50 та бўлди.

Йўналишлар ва бекатлар сони ортиб боргани сари метрога бўлган талаб ҳам янада ортди. 2021-йил бир кунда 280-300 минг йўловчига хизмат кўрсатилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсатгич 920-930 мингни ташкил қилмоқда. 2024 йил якунигача метродан фойдаланувчи йўловчилар сони бир кунда 1 млнга етиши кутилмоқда.

Эътибор берган бўлсангиз, тиғиз вақтларда бекатлар, поездлар гавжум. Ушбу ҳолатда йўловчиларга қулайлик яратиш, уларга хавфсиз ва маданиятли хизмат кўрсатиш, шунингдек, тирбандликларни камайтириш мақсадида “Тошкент метрополитени” ДУК томонидан бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ушбу йил давомида 14 та ҳаракат таркиби ҳарид қилинган бўлиб бунинг натижасида тиғиз вақтларда оралиқ интерваллари қуйидаги тартибда амалга оширилмоқда:
“Чилонзор” йўналишида 1,5-2 дақиқа;
“Ўзбекистон” йўналишида 4 дақиқа;
“Юнусобод” йўналишид- 4-5 дақиқа;

“Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги ер усти ҳалқа йўли” йўналишида эса 8-9 дақиқа. 
Шунингдек, бунга қўшимча тарзда йўналишларда заҳира поездлар ҳаракати ҳам йўлга қўйилмоқда.

Дарҳақиқат, Тошкент метрополитенида 2021-йилга қадар 36 та поезд ҳаракатланган бўлса, сўнгги 3 йил давомида замонавий турдаги 29 та янги ҳаракат таркиблари ҳарид қилиниб, 2024-йилга келиб поездларнинг умумий сони 65 тага етказилди.

Жорий йил якунидан бошлаб 48 та ва 2025-йил давомида яна қўшимча 56 дона замонавий метро вагонларини ҳарид қилиш кўзда тутилган. Бунинг натижасида тасарруфдаги ҳаракат таркибларининг янгиланишига ҳамда йўналишларда поездлар оралиқ интервалининг қисқаришига эришилади.

Моҳидил Юлдашева 

“Тошкент метрополитени” ДУК 
Матбуот хизмати мухбири

    Бошқа янгиликлар