АсосийЖамият

ЙПХ ходимларининг қоидабузарга жойнинг ўзида жарима қўллаш ваколати бекор қилинмоқда

Шу ҳақдаги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

'ЙПХ ходимларининг қоидабузарга жойнинг ўзида жарима қўллаш ваколати бекор қилинмоқда'ning rasmi

Сенатнинг 57-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан йўл-патруль хизмати ходимларининг хизматни ўташ вақтида йўл ҳаракати қоидабузарлигини аниқлаган тақдирда қоидабузарга жойнинг ўзида жарима қўллаши мумкинлигини назарда тутувчи ваколати бекор қилинмоқда.

Йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чораларга қарамасдан, бугунги кунда юк автотранспорт воситалари билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳанузгача юқорилигича қолмоқда, оқибатда эса ҳалок бўлганлар ва жароҳат олган фуқароларнинг сони ҳам кам эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларида юк автомобилларига фақат чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш учун йўлнинг четки чап қаторини эгаллашга рухсат этилиб, бошқа ҳолларда чап қаторда ҳаракатланиш тақиқланган.

Ушбу қоидабузарлик учун амалдаги қонунчиликда жазо чоралари белгиланмаганлиги сабабли аксарият ҳолларда ҳайдовчилар йўлларнинг чап қаторларида бемалол ҳаракатланишмоқда ва бу ҳолат автомобиль йўлларида тирбандликларга ва авария ҳолатлари содир бўлишига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, 2024 йилнинг ўтган 7 ойида юк автотранспорт воситалари билан боғлиқ 303 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани оқибатида 108 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 227 нафар фуқаро тан жароҳати олган.

Айнан шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда Қонунда юк автомобиллари йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланганлиги (рухсат этилган ҳоллар бундан мустасно) учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Парламент аъзоларининг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга, шунингдек фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

    Бошқа янгиликлар