АсосийСиёсат

Малака сертификати олмаганлар хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиши тақиқланади

“Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.

'Малака сертификати олмаганлар хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиши тақиқланади'ning rasmi

Сенатнинг 20 сентябрдаги ялпи мажлисида “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Ўзбекистонда ҳозирги кунда психология йўналишида маслаҳат бериш, онлайн ва офлайн форматда ўқув, тренинг, семинарлар ўтказиш орқали хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти кенг тарқалган. Қонун билан аҳолига психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий принциплари, вазифалари, турлари, шакллари ҳамда стандартлари белгиланмоқда.

Қонунда психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс раҳбари психология соҳасида олий маълумотга эга бўлиши кераклигиназарда тутилмоқда.

Психологик ёрдам кўрсатиш соҳаси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, бепул психологик ёрдам кўрсатиладиган шахслар тоифаларини аниқлаштириш, аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги профессионал уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш кўзда тутиляпти.

Шунингдек, психология йўналишидан бошқа олий маълумотга эга бўлган шахслар хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишдан аввал психология мутахассислиги учун қайта тайёрловдан ўтиши кераклигибелгиланмоқда.

Хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланишга психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги профессионал уюшма томонидан белгиланган тартибда малака сертификати берилган психологларга рухсат этилади. 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс психологик ёрдамни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатиш ёхуд аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаслик учун жавобгарликниназарда тутувчи қўшимча нормалар билан тўлдирилмоқда.

Ялпи мажлисда қайд этилишича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасининг ҳуқуқий асосларини яратилиши, фуқароларнинг психологик ёрдам олишга бўлган эҳтиёжини қондириш, хусусий тарзда амалиёт олиб бораётган психологлар фаолиятини қонуний амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар