Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида уй-жой қуриб беришни ваъда қилган қурувчи ва бунга пул тиккан аҳоли ўртасида низолар кўпайиб бораётгани қайд этилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
"Бундай ноинсоф қурувчиларга алданиб, одамлар ҳам уйсиз, ҳам пулсиз қолмоқда", – деди Президент.
Шу боис эндиликда хорижий тажрибага асосан, уй-жой сотиб олиш бўйича кафолатли эскроу тизими жорий қилинади.
Бунда девелоперлар ўзлари қураётган уйлар сотувини ташкил қилиш бўйича банклар билан шартнома тузади, бу уйларни олмоқчи бўлган одамлар пулини қурувчига эмас, тўғридан-тўғри банкка топширади.
Банклар эса йиғилган пулни қурувчига ресурс сифатида беради. Шунда банклар қурувчи ва харидор ўртасида кўприк бўлиб, уй-жойни ўз вақтида ва сифатли қуриб, эгасига топширишга кафил бўлади.
Янги тизим Самарқанд шаҳри, Янгиҳаёт ва Сергели туманларида бир йил давомида тажрибадан ўтказилиши белгиланди.
Қурилиш инспекциясининг ҳудудий бошқармаларида қурувчи-операторлар штаби ташкил қилиниши белгиланди.
Назорат инспекторлари бодикамера билан таъминланади.
Давлат ҳисобидан қурилаётган ҳар бир объектга тоифасига қараб камида 2 тадан видеокамера ўрнатилади. Улар операторлар штабига маълумотларни онлайн юборади.
Шунингдек, ноқонуний қурилишлар бўйича маҳалла раислари ва жамоатчилик назорати кучайтирилади.
Эндиликда ҳар бир қурилаётган объект олдида QR кодли паспорти чиқариб қўйилади, исталган одам бу орқали ҳудудда қандай объект қурилаётгани, қачон рухсат олингани, ким қуриши, қачон ишга тушиши каби маълумотлар олиши мумкин бўлади.
Агар QR кодли паспорт бўлмаса, қурилиш ноқонуний ҳисобланади.