Дин ишлари бўйича қўмита Умра тадбирларини ташкил этаётган туроператорларга огоҳлантириш билан чиқди.
Маълум қилинишича, ўтказилган таҳлилларга кўра, интернет ва ижтимоий тармоқларда “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ реклама ахборотлари фаоллашганлиги, тегишли лицензия ва рухсатномалар бўлмаган ҳолатда ушбу хизматлар реклама қилинаётганлиги кузатилмоқда.
Жумладан, туроператорлар томонидан октябрь-декабрь ойларида Умра зиёратига юбориш бўйича хизматлар кенг реклама қилинаётгани қайд этилмоқда.
Маълумки, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2024 йил 2 июль куни қабул қилинди. (02.07.2024 йилдаги ЎРҚ-935-сон)
Ушбу Қонунга мувофиқ лицензияга эга бўлган туроператорлар томонидан “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш жорий йил 5 октябрга қадар амалга оширилади.
Бунда, Дин ишлари бўйича қўмита мазкур соҳадаги лицензияловчи ваколатли орган сифатида белгиланди.
2024 йил 5 октябрдан сўнг “Умра” хизматини кўрсатиш бўйича барча турдаги фаолият ноқонуний ҳисобланади.
Ушбу қонунбузарлик учун лицензия олиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари БҲМнинг 200 баравари (68 млн сўм) этиб белгиланган.
“Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларини лицензияга эга бўлмаган субъектлар томонидан кўрсатиш тақиқланган.
Дин ишлари бўйича қўмита зиёратчиларимизни "Умра" амалларини муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун огоҳ бўлишлари ва кейинчалик турли кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолмасликлари мақсадида ишончли ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишларини тавсия этади.