Таълим тизими давлат ривожланиши, истиқболи ва ижтимоий фаровонлигининг асоси ҳисобланади. Таълим сифатини назорат қилиш ва баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш сифатли таълимни таъминлаш муҳим масалалар сирасига киради. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида илгари сурилаётган давлат ташкилотларидан мустақил ва холисона баҳолайдиган нодавлат таълим аудити тизимини жорий қилиш таклифи жуда муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда республика бўйича 10 600 дан ортиқ давлат умумтаълим мактаблари, 450 дан ортиқ хусусий мактаблар, 210 дан ортиқ олий таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Ушбу таълим муассасаларида сифат ва самарадорликни таъминлашда давлат назорати билан бирга, мустақил баҳолаш тизимининг шаклланиши соҳада рақобатнинг янада ривожланишига хизмат қилади ва сифатни ошириш учун асос бўлади.
Партия фикрича, таълим тизимининг самарадорлигини ва сифатини оширишда нодавлат таълим аудити тизимини жорий қилиш янги имкониятларни яратади. Нодавлат таълим аудити давлат ташкилотларидан мустақил ва холис бўлиши таълим сифатини назорат қилиш ва уни оширишда муҳим ўрин тутади.
Таълим аудити – бу таълим тизимининг фаолиятини, самарадорлиги ва сифатини баҳолаш жараёни бўлиб, унинг таълим муассасалари стратегик мақсадлари ҳамда меъёрларига мувофиқлигини текширади. Нодавлат таълим аудити эса мустақил ташкилотлар томонидан амалга оширилиши асносида жараёнга холисона ва объектив баҳо беради. У таълим муассасаларининг фаолиятини баҳолашда мустақил ёндошувни таъминлаши баробарида таълим жараёнида юзага келадиган муаммоларни аниқлашга ҳам кўмаклашади.
Нодавлат таълим аудити тизими давлат ташкилотларидан мустақил бўлиши ва холисона баҳо бериши туфайли таълим муассасаларининг фаолиятини объектив баҳолаш имконини яратади. Бу, ўз навбатида, таълим сифатини ошириш ва амалда дуч келинаётган муаммоларни аниқлаш имконини бериши билан бирга таълим муассасалари фаолиятини яхшилаш ва ривожлантириш бўйича аниқ тавсияларни тақдим этади. Бундай ёндашув таълим муассасалари самарадорлигини оширади ва уларни ривожлантиришга кўмаклашади.