24 сентябрь куни Ўзбекистон ва Италия ўртасида олий таълим соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган Биринчи Ўзбекистон-Италия таълим форуми ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Италия Университетлар ва тадқиқотлар вазири Анна Мариа Бернини бошчилигида бўлиб ўтаётган мазкур форумда Италиянинг Университетлар ва тадқиқотлар вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги 25 га яқин олий таълим муассасалари, шунингдек, мамлакатимизнинг 40 дан ортиқ етакчи олий таълим муассаса ректорлари ва бошқа вакиллар иштирок этмоқда.
Ялпи мажлис ва 3та алоҳида секциядан иборат “Университетлар ҳамкорлигининг янги босқичи — икки давлат ва жамият ривожланишининг муҳим омили" мавзусидаги форум Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида ўтказилди. Секциялар «Креатив индустрия, ҳуқуқ, иқтисодий фанлар ва маданий мерос соҳаларидаги ютуқлар ва ҳамкорлик истиқболлари», «Ўзбекистон ва Италия университетларининг муҳандислик, агро-индустрия ва рақамли технологиялар, стандартлаштириш ва метрология соҳаларида ҳамкорлигининг янги босқичига қадам қўйиш», «Соғлиқни сақлаш таълим соҳасида замонавий тиббий, реабилитация ва фармацевтика технологиялари» мавзуларини қамраб олди.
Тадбир доирасида икки мамлакат университетлари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик алоқалари учун асос бўлиб хизмат қиладиган 20 дан ортиқ келишув ва меморандумлар имзоланди. Мазкур ҳужжатлар таълим ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга замин яратади.
Форум олий таълим ва тадқиқотлар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда, халқаро академик мобиллик ва тажриба алмашиш дастурларини яратишда муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистон ва Италия университетларининг ҳамкорликда ўсиши учун янги имкониятлар эшигини очувчи платформа вазифасини бажаришга хизмат қилади.
Шунингдек, Форум доирасида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳузурида “Италия-Ўзбекистон илғор муҳандислик маркази”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур марказ Италиядаги илғор ва инновацион технологияларни узлуксиз жорий этиш орқали Ўзбекистонда машинасозлик, тўқимачилик, машинасозлик, чармсозлик соҳаларида ишлаб чиқариш майдонларини кенгайтириш, Ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш, тажриба лойиҳалари, ихтисослаштирилган маълумотларни тарқатиш, икки давлатларнинг хусусий секторини жалб қилган ҳолда кўзда тутилган тармоқларда Италия-Ўзбекистон сармоялари ва қўшма корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун инфратузилма ва шарт-шароитлар яратишни ўз олдига мақсад қилган.
Форум 25-27-кунлари Бухоро ва Самарқанд вилоятларида давом этади.