Бугунги кунда Марказий Осиё аҳолиси 80 миллиондан ошди. Минтақанинг ялпи ички маҳсулоти келгуси беш йилда 700 миллиард долларга етиши кутилмоқда, деди Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўтказилаётган йиғилишда.
Шу билан бирга, минтақамизда йирик инфратузилма лойиҳаларига талаб кун сайин ортиб бормоқда. Ҳозирда амалга ошириш бошланган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш ана шундай йирик минтақавий инфратузилма лойиҳасига яққол мисолдир.
Бундан ташқари, Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурслари тақчиллиги муаммолари айниқса ўткир тус олмоқда.
“Ўзбекистон бу борада ўз стратегиясини ишлаб чиқиб, келгуси беш йилда сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш орқали 15 миллиард куб метр сувни тежаш бўйича катта лойиҳаларни бошлаган.
Лекин сув муаммосини ҳал қилиш бутун минтақа давлатлари ва халқаро молия ташкилотларининг биргаликда ишлашини талаб қилади.
Шу боис, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда сув тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурмоқчиман. Ўйлайманки, қўшниларимиз ҳам бу ташаббусимизни қўллаб-қувватлайди”,
- деди Президент.