Президент Самарқандда ўтказилган йиғилишда ўрта шаҳарларни ривожлантириш бўйича 200 миллион долларлик, қишлоқ жойларидаги инфратузилмани яхшилаш бўйича 130 миллион долларлик лойиҳалар Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда бошлаганганини алоҳида эътироф этди.
Банк ва бошқа ҳамкорлар билан бундай инфратузилмавий лойиҳалар янада кенгайтирилишига ишонч билдирди.
“Биз келгуси йилларда яна 18 гигаватт қуёш ва шамол, 3 гигаватт гидро электр станциялари, 5 гигаватт энергия жамлаш сиғимлари ҳамда 5 миллиард долларлик электр тармоқларини ишга туширамиз.
Мазкур лойиҳалар орқали йирик “яшил” маълумотлар марказларини ҳам яратмоқчимиз. Бу – барча халқаро молия ташкилотлари учун ҳам жозибадор лойиҳа бўлади, деб ҳисоблайман.
Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан йилига 100 миллион долларлик “яшил” сертификатлар бозори шаклланиб, бу халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналиши бўлишига ишонаман.
Қўшни мамлакатлар ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича катта лойиҳаларни бошлаганини қайд этиш лозим. Келгуси йилларда қайта тикланувчи энергия ресурсларига бой Марказий Осиё жаҳон энергетика бозорларига “яшил” энергия етказиб берадиган йирик экспортчига айланиши учун катта қадамлар ташлаяпмиз. Бу борада Транскаспий электр тармоғини барпо этиш лойиҳаси катта салоҳиятга эга эканини алоҳида таъкидламоқчиман”,
- деди давлатимиз раҳбари.
Президент Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки бошчилигида Марказий Осиёда “яшил” энергияни ривожлантириш дастурини амалга оширишни таклиф қилди.