Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш юзасидан самарали чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, инсоннинг саломатлиги, жамият ва давлат ижтимоий-иқтисодий салоҳиятига бевосита таъсир кўрсатадиган долзарб масала – тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмолини чеклаш ва камайтириш юзасидан тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси ўз Сайловолди дастурида илгари сураётган таклифлар ҳар жиҳатдан амалий аҳамиятга эга. Хусусан, партиямизнинг 2009 йил 1 январдан кейин туғилган шахсларга 2030 йилдан бошлаб тамаки маҳсулотлари сотилишини тақиқлаш ташаббусини келажак авлод саломатлиги йўлидаги энг муҳим қадам, деб ҳисоблаш мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 13-15 ёшдаги 37 млн. нафар ўғил-қиз тамакини у ёки бу шаклда истеъмол қилади. Европа минтақасида эса 13-15 ёшдаги 11,5 фоиз ўғил болалар ва 10,1 фоиз қизлар (умумий ҳисобда 4 млн. нафар ёшлар) тамаки чекади. Мутахассислар 2050 йилгача сайёрамизда чекиш туфайли 450 млн. киши ҳаётдан кўз юмиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.
Шу боисдан ҳам дунё мамлакатларида тамаки маҳсулотларига чек қўйишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш бўйича ёшларга мўлжалланган махсус дастурлар ишлаб чиқилган. Масалан, Янги Зеландия 2009 йил 1 январда ва ундан кейин туғилган шахсларга тамаки маҳсулотларини сотишни тақиқлаган ва тартибни бузганлик учун жарималар назарда тутилган.
Бутун дунёда соғлом турмуш тарзи тарафдорлари, сиёсатчилар ҳамда тамакига қарши курашиш соҳасининг фаоллари ушбу муаммони муҳокамалар платформасига олиб чиқмоқда. Сиёсий партиялар ўзларининг ҳаракат дастурларига киритмоқдалар.
Мамлакатлар ҳукуматларини ёшларни тамаки саноатининг турли найрангларидан ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришга даъват этмоқда.
Шундай экан партиямизнинг таклифини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолининг, энг аввало, ёшларнинг соғлиғини салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга ҳамда жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга ҳисса қўшган бўламиз.
Ташаббусларимизни қўллаб-қувватланг!
Ўзбекистон Экологик партиясига ва номзодларимизга овоз беринг!