Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган юқори даражадаги тажриба алмашиш форуми ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Тадбирда Ўзбекистон ва БАА давлат органлари вакиллари, "ICBA", "Fly Dubai", "Абу-Даби тараққиёт жамғармаси" каби ташкилотлар раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп томонлама алоқалар, айниқса, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда фаол ривожланмоқда. Форумда турли йўналишлар, жумладан, "яшил" энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм инфратузилмаси ва бошқа мавзулар муҳокама қилинмоқда.
Анжуман давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашиш, янги лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришишга хизмат қилади.
Тадбир аввалида Ўзбекистон ва БАА мадҳиялари янгради, икки давлат ҳамкорлигига бағишланган видеороликлар намойиш этилди. Шундан сўнг "Келажак ҳозирдан: Трансформациялар даврида ҳукуматни модернизация қилиш" мавзусида панель муҳокамаси бошланди. Унда "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида кўзда тутилган ислоҳотларни изчил ва сифатли амалга ошириш масалалари, мамлакатимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари хусусида фикр алмашиляпти.
Форум давомида икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича лойиҳа ва ташаббусларни муҳокама қилиш учун инвестиция ва иқтисодий ўсиш, энергетика ва инфратузилма, таълим ва минтақавий ривожланиш, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, рақамли трансформация, туризм ва ҳукуматни ривожлантириш каби йўналишларни қамраб олган 8 та кластер тадбирлари ташкил этилади.