АсосийЖамият

ЎзЛиДеП етакчиси ғиждувонлик тадбиркорлар билан учрашди

Мулоқотда партия сайловолди дастурининг асосий йўналишлари, хусусан, 5 мақсад ва 500 вазифа доирасида келгуси беш йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.

'ЎзЛиДеП етакчиси ғиждувонлик тадбиркорлар билан учрашди'ning rasmi

Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” корхонасида ЎзЛиДеП етакчиси Актам Хаитовнинг партия электоратининг асосий қатламини ташкил этувчи вилоят тадбиркорлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда 100 нафардан зиёд маҳаллий ишбилармонлар, кичик ва ўрта бизнес ҳамда аграр соҳа вакиллари иштирок  этишди.

Мулоқот аввалида партия сайловолди дастурининг асосий йўналишлари, хусусан, 5 мақсад ва 500 вазифа доирасида келгуси беш йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Тадбирда  сайловолди дастурида белгиланган биринчи мақсад – Барқарор иқтисодий ўсиш орқали ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигига эришиш борасида режалаштирилган лойиҳалар тўғрисида батафсил сўз юритилди.

Учрашув иштирокчиларига ЎзЛиДеП ўз дастурида  ялпи ички маҳсулот ҳажми 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса 4 минг долларга етказилиши юзасида ўз таклифларини илгари сураётгани маълум қилинди.

Партия келгуси беш йилда мамлакатимиз тадбиркорлари сонини 3 миллион нафардан ошириш, барқарор иш жойларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш, давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклаш, қулай бизнес, инвестиция ва рақобат муҳитини шакллантириш, барқарор, содда ва адолатли солиқ сиёсатини жорий этиш, саноат тармоқлари ва замонавий сервисни иқтисодиёт драйверига айлантириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, юқори иқтисодий ўсишни таъминловчи барқарор ва самарали молиявий хизматлар бозорини шакллантириш ҳамда инфратузилма ва туризмни ривожлантириш сингари устувор вазифалар ижросини ьтаъминлашни ўз зиммасига олган.

Учрашувда навбатдаги беш йиллик якунида юртимиздаги камбағаллик кўламини икки карра камайтириш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилишнинг “маҳаллабай” дастурларини ишлаб чиқиш партиянинг устувор вазифаларидан бири бўлиши алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида имтиёзли кредит ҳажмларини ҳар йили 30 фоизга ошириб бориш, ижтимоий тадбиркорликни янада рағбатлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини иш билан таъминлаб келаётган тадбиркорларга мол-мулк ва ер солиғидан имтиёзлар бериш, оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар учун кредит таътиллари бериш тизимини жорий этиш ҳам ЎзЛиДеПнинг сайловолди таклифлари сирасига киради.

Ички меҳнат миграциясини ривожлантиришга эътибор қаратиш, бандликни молиявий қўллаб-қувватлаш манбаларини кенгайтириш, жумладан, хусусий бандлик агентликлари тизимини ривожлантириш масалалари партия электоратининг манфаатларини ҳимоялашда муҳим қадам бўлади.

Қизғин савол-жавоблар ва очиқ муҳокама руҳида ўтган учрашувда бир қатор партия фаоллари ва тадбиркорлар ҳам сўзга чиқиб,  ЎзЛиДеПнинг “Ваъда эмас – натижа, эртага эмас – бугун!” шиори остида бугунги кунда ғайрат-шижоат билан фаолият олиб боришларини таъкидладилар. Партия сайловолди дастурида белгилаб қўйилганидек, иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш тарафдори эканликларини эътироф этдилар.

Юқори кайфиятда ўтказилган учрашувда сўз олган ЎзЛиДеП етакчиси Актам Хаитов халқимиз ва Ватанимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа ҳисобланган бўлажак сайловларда юртимиз иқтисодиётининг асосий драйвери ҳисобланган тадбиркорлик соҳасининг ғиждувонлик вакиллари ҳам фаол иштирок этиб, партия ва унинг номзодларига ҳамжиҳатлик билан овоз беришларига ишонч билдирди.  

    Бошқа янгиликлар