Ўзбекистон фуқаролари Қатарга ишга юборилади. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси ва Қатарнинг “Жусоур” бандлик агентлиги раҳбариятлари ўртасида онлайн учрашув ўтказилди. Унда Қатар томони Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш истагида эканини ва туризм, IT ва тиббиёт соҳалари мутахассисларига талаб ва қизиқиш мавжудлигини таъкидлади.
“Ўзбекистон Қатар давлати учун ҳар соҳада стратегик ҳамкор мамлакат ҳисобланади. Шу боис юртингиздан малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича ҳам катта режаларимиз бор”, деди Қатарнинг “Жусоур” бандлик агентлиги раҳбари Абдулҳодий Биҳайт Барқон.
Учрашувда икки томон ушбу имкониятлардан фойдаланиб, Ўзбекистон фуқароларини Қатар давлатида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ҳамкорлик шартномасини тез кунларда имзолашга келишиб олди.
“Жусоур” бандлик агентлиги Қатар ҳукуматига тегишли бўлиб, мамлакат иқтисодиётининг асосий секторларини малакали мутахассислар билан таъминлаш вазифасини бажаради.