АсосийСпорт

Осиё Олимпия кенгаши директори Олимпия шаҳарчасидаги қурилишлар билан танишди

Янги Тошкентда қад ростлаётган ушбу шаҳарчада "Тошкент-2025" IV ёшлар Осиё ўйинлари ўтказилади.

'Осиё Олимпия кенгаши директори Олимпия шаҳарчасидаги қурилишлар билан танишди'ning rasmi

Шу муносабат билан Осиё Олимпия кенгаши Бош директори, Бутунжаҳон сув спорти турлари федерацияси (World aquatics) президенти Ҳусайн Ал Мусаллам пойтахтга ташриф буюрган. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

У Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик билан батафсил танишиб чиққан.

Хусусан, куннинг биринчи ярмида пойтахтимизда барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасида бўлиб, қурилиш ишларининг бугунги ҳолатини ўрганди. Унга МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда қурилиш ишларига масъул Хитойнинг “CAMC engineering” компанияси вакиллари ҳамроҳлик қилишди. 

Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида ташкилий ишлар бўйича учрашув ўтказилган. Йиғилишда Тошкент-2025 дирекцияси ходимлари Ўйинларга тайёргарлик юзасидан тақдимотни намойиш қилишди.

Унда олиб борилаётган катта ҳажмдаги ҳозирлик, Ўйинлар дастурига киритиладиган спорт турлари ва улар ўтказиладиган объектлар, делегацияларнинг таҳминий сони, транспорт-логистика масаласи ва шу каби ташкилий мавзулар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ўз ўрнида, Ҳусайн Ал Мусаллам тақдимот юзасидан фикр билдирар экан, анти-допинг, виза ва авиақатновлар тўғрисида ҳам тўхталиб, ушбу йўналишларни ҳам батафсил ўрганиш кераклиги юзасидан фикр билдирди.

Учрашув якунида мартабали меҳмон Ўйинларга тайёргарлик бўйича ўзининг илиқ фикрларини билдирди. Ҳусусан, барпо этилаётган Олимпия шаҳарчаси мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имкониятларини яна бир карра намоён этишини қўшимча қилди.

    Бошқа янгиликлар