Ижтимоий тармоқларда Янгийўл туманидаги маҳаллардан бирида хонадонда тутқинликда ушлаб турилган илонлар қўйиб юборилгани акс этган видеолар тарқалди.
Тошкент вилояти Экология бошқармаси томонидан 2 октябрь куни Янгийўл тумани "Туябўғиз" МФЙ ҳудудида фуқаронинг хонадонида сақланган кобра илонларни қўйиб юборилганлиги ҳолати бўйича ишчи гуруҳ тузилган.
Аниқланишича, маҳаллада яшовчи 1980 йилда туғилган фуқаро Н.Ю. ўзи яшаётган хонадонида 30 дан ортиқ "Осиё кобра" илонларини тегишли рухсатномаларсиз сақлаб келган. Номаълум сабабларга кўра, у хонадонида сақланаётган илонлар очиққа қўйиб юборилган. Бу ҳолат маҳаллий аҳоли томонидан аниқланиб, иккита кобра илони тутиб ўлдирилган.
Ҳозирги вақтда ишчи гуруҳ томонидан шу яқин атрофда яшовчи аҳоли хонадонларида дорилаш ишлари олиб борилмоқда.
Кобра боққан шахсга нисбатан ИИБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув олиб борилаётгани маълум қилинади, дейилади Тошкент вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати хабарида.