Қонунчиликка кўра алимент ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик юзага келган тақдирда қарздорнинг четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланади.
МИБ хабарига кўра, суднинг буйруғига асосан, қарздор К.А.дан ундирувчи Ш.К. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун 1/4 қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Яшнобод туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Аниқланишича, суд қарори 2020 йилда чиқарилган бўлиб, қарздор ундан олдин 2018 йилда чет давлатга чиқиб кетган. Қарздорнинг алиментдан қарзи 2020 йилдан бугунги кунга қадар 61 млн. 957 минг сўмга етган.
Қарздор ота 2024 йилда чет давлатдан қайтган, бироқ, яна чет давлатга чиқиб кета олмаслигини, қарзи сабаб унинг четга чиқиш ҳуқуқи вақтинча чеклангани давлат ижрочиси томонидан тушунтирилган.
Тушунтириш ва мажбурий ижро ҳаракатлари давомида ҳам қарздорлик тўламаганлиги сабабли қарздорга нисбатан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судига қонуний ҳал этиш учун юборилган.
Суд жараёнида ундирувчининг ишончли вакили, яъни қарздорнинг қайнонаси собиқ куёвининг салкам беш йиллик алимент қарздорлигидан воз кечганлиги сабабли маъмурий иш материали ҳаракатдан тугатилди.