Тошкент ва Сирдарё вилоятларида қалбаки пулларни ўтказмоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар қилди.
Департаментнинг Бўка тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Қибрай тумани, “Юқори юз” МФЙ ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.С. 100 АҚШ долларлик купюрадаги қалбаки 3 200 АҚШ долларини фуқаро А.И.га ҳақиқий 1 000 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Сирдарё тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро С.З. ва бошқалар тадбиркор Ш.Н.нинг “Бунёдкор” МФЙ ҳудудидаги савдо дўконидан харид қилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун қалбаки 100 минг сўмлик купюрани берган вақтида ушланиб, уларнинг ёнидан жами 1,3 млн сўм қалбаки пуллар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.