Қашқадарё вилоятидаги маҳалла раисининг пахта теримига чиқмаганларга бола пули берилмаслиги бўйича тарқалган овозли хабари юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиш ўтказди. Бу ҳақда Бандлик вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўрганиш давомида 2024 йил 9 октябрь куни Шаҳрисабз туманидаги "Пахтакор" МФЙ раиси Л.Ўроқов Нушкент қишлоғининг "Нушкент бирлашайлик" Telegram каналига овозли хабар юбориб ишсиз фуқароларни пахта йиғим-теримига чақиргани, шундан сўнг улар теримга келгани маълум бўлди.
"Кимда-ким нафақа пули олаётган бўлса, ҳеч бўлмаса отини ёздириб, пахта теримида кг қилдирмаса бўлмайди, бола нафақаси узилиб қолиши мумкин. Эртага яна хафагарчилик бўлиб, гина қилиб юрманглар. Ҳамма тўғри тушунган ҳолатда пахтага чиқсин. Ҳозир биз шунинг рўйхатини шакллантиряпмиз. Олим акани ерига келяпман мен. Нечта одам чиқяпти нечта одам бола пули олади, шакллантираман. Чиқмаётганлар хафа бўлманглар. Олдингиздан ўтиб, огоҳлантириш беряпмиз", — деган у.
Ҳолат юзасидан маҳалла раисига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (18 750 000 сўм) миқдорида жарима қўлланилди.
Бандлик вазирлиги фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига дуч келинса, Бандликка кўмаклашиш бўлимлари ёки 1282 — қисқа рақами ҳамда @munosibmehnat_bot телеграм боти орқали Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилишга чақирди.