Хабарингиз бор, Ўзбекистонда "Док-1 Макс" дорисидан заҳарланган болалар иши бўйича суд давом этмоқда.
Аввалроқ, Фармагентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариев "Док-1 Макс" ишида айбдор деб топилиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Шундан сўнг Сардор Кариевнинг фарзандлари яшаб турган уй ҳам хатланган. Бундан норози бўлган Кариевнинг хотини эса судга шикоят қилди.
Жорий йилнинг 21 октябр куни Тошкент туманлараро маъмурий судида кўриб чиқилган. Бу ҳақда "Замон" дастурида хабар қилинди.
Қайд этилишича, МИБ "Док-1 Макс"дан жабрланганларга суд томонидан белгиланган салкам 76 миллиард сўмлик товон пулларини ундириш ҳаракатини давом эттирмоқда. Суд жараёнида МИБ ходими шикоят аризасини рад қилишини сўради.
"Кариевнинг номида иккита уй бор. Бундан ташқари, мулкий аҳволи ҳам яхши. Ундириш имкони йўқ деб қайтаришга асос ҳам йўқ", - деди МИБ ходими.
Кариевлар оиласининг адвокатларидан бири МИБ ходимининг бу гапига эътироз билдирган.
"Иккита-учта уй бўлса ҳаммасини олиш керак деганимас-ку?". Кариевнинг ўзи 18 йилга қамалди. Энди вояга етмаган уч нафар боласи ва оиласи кўчада қолиши керакми? Қамоқда ишлаётган бўлса, олаётган ойлик маошига қаратишсин", - деган адвокат.
Суд жорий йилнинг 5 ноябрь кунига қадар танаффус эълон қилди.